Энцо Маресканинг тактик хатоси: Экспертлар ПСЖга қарши ўйинда кимларни танқид қилди?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- «Манчестер Сити»
- PSJга қарши Европа Чемпионлар Лигаси ўйинида 2:4 ҳисобида мағлуб бўлди.
- Британиянинг esteemedkompany.com портали экспертлари Абдуқодир Ҳусановнинг ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўйнаган биринчи бўлимдаги қийинчиликларини, айниқса, ўзи масъул бўлган қанотдан киритилган дастлабки икки голни таъкидлади.
Европа Чемпионлар Лигаси умумий босқичининг марказий учрашувида «Манчестер Сити» ўз майдонида амалдаги чемпион Франциянинг «ПСЖ» жамоасига 2:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Учрашувдан сўнг «шаҳарликлар»га яқин бўлган Британиянинг нуфузли таҳлилий портали esteemedkompany.com экспертлари баҳсда қатнашган барча футболчиларнинг ҳаракатларини таҳлил қилиб, 10 баллик тизимда баҳолаб чиқди.
Таҳлилчилар Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг икки бўлимдаги икки хил амплуасига алоҳида тўхталди.
Абдуқодир Ҳусанов — 5/10: Позиция алмашинуви ва икки хил бўлим
Британия нашри ўзбекистонлик иқтидор соҳибининг ҳаракатларини қуйидагича изоҳлади:
Биринчи бўлимдаги оғир синов: Ҳусанов ўзи учун ноодатий бўлган ўнг қанот ҳимоячиси ролида майдонга тушди ва ПСЖнинг чап қанотдаги тезкор босими остида жиддий қийинчиликларга дуч келди. Дастлабки иккита гол айнан у масъул бўлган қанот зонасидан уюштирилган ҳужумлар оқибатида дарвозага киритилди;
Марказга қайтиш ва барқарорлик: Иккинчи бўлимда мураббийлар штаби ўйини қовушмаган сардор Рубен Диашни алмаштиргач, Ҳусанов ўзининг табиий позицияси — марказий ҳимояга ўтказилди. Мудофаа марказида у анча совуққон ва ишончли тўп сурди, аммо биринчи бўлимдаги қанот муаммолари унинг якуний 5 балл олишига сабаб бўлди.
Мудофаа ва дарвоза: Рақиб босими олдидаги парокандалик
Мезбонларнинг орқа чизиғи биринчи 45 дақиқаликда парижликларнинг прессингига дош бера олмади:
Жанлуижи Доннарумма (5/10): Итальян посбони учрашув сўнггида пенальтини қайтарган бўлса-да, ўтказиб юборилган тўртта тўпнинг иккитасида ундан яхшироқ ҳаракат кутилган эди;
Рубен Диаш (5/10): Жамоа сардори ПСЖнинг кучли прессинги остида довдираб қолди ва танаффусдаёқ захирага олинди;
Марк Гехи (5,5/10): Дастлабки бўлимда қийналди, бироқ иккинчи бўлимда ўйинини бироз ўнглай олди;
Йошко Гвардиол (6/10): Чап қанотдан олдинга чиқиб, ҳужумларда фаол хавф яратди.
Майдон маркази ва ҳужум чизиғи: Кимлар порлади, ким оқсади?
Ўйин тақдири майдон маркази ва олдинги чизиқдаги ҳаракатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлди:
Райан Шерки (4,5/10) — энг паст баҳо: Ўйин темпига умуман кириша олмади, жуда кўп тўп йўқотди ва танаффусда майдонни тарк этди;
Эрлинг Холанд (8,5/10): Иккита чиройли гол уриб, жамоасини ўйинга қайтаришга уринди. Экспертлар фикрича, бошқа бир кечада у бемалол покер қайд этиши мумкин эди;
Эллиот Андерсон (7,5/10) ва Энцо Фернандес (6,5/10): Биринчи бўлимдаги оғир муҳитдан сўнг иккинчи бўлимда анча мазмунли ўйин намойиш этишди;
Антуан Семеньо ва Жереми Доку (6/10): Кўп меҳнат қилди, бироқ сўнгги қарорлар ва якуний зарбаларда аниқлик етишмади.
Захирадан тушган қаҳрамонлар: Ўйинни ўзгартирган кучлар
Иккинчи бўлимда майдонга тушган футболчилар «Сити» ўйинига янги нафас олиб кирди:
Айюб Буадди (8,5/10): 18 ёшли истеъдод майдон марказини назорат остига олиб, энг юқори савиядаги рақибга қарши эркин ҳаракат қилди;
Илиман Ндиайе (8,5/10): Чап қанотни жонлантирди, ПСЖ мудофаасига катта муаммо туғдириб, битта голли узатма муаллифи бўлди;
Матеуш Нуньеш (7,5/10): Ўнг қанот ҳимоясида пайдо бўлиб, қанотдаги барча тешикларни ёпди ва ҳимояга ишонч бағишлади. Нашр фикрича, кейинги ўйинларда айнан Нуньешга ўнг қанотда бошланғич имконият берилиши керак.
Британия матбуотининг ушбу таҳлили Маресканинг дастлабки тактик режаси ва таркиб танловидаги хатолар парижликларга қарши ўйинда қимматга тушганини кўрсатмоқда.































Изоҳлар 0
…